O‘zbekiston, Yangiliklar

74 нафар амалдор маст ҳолда машина бошқарган

74 нафар амалдор маст ҳолда машина бошқарган

Самарқанд вилоят судлари томонидан 2021-йил давомида 6400 нафар шахсга нисбатан маст ҳолда машина ҳайдаш бўйича ишлар кўрилган.

Маст ҳолатда автомашина бошқариб, маъмурий жазо олганларнинг 40 нафарини аёллар, 3 нафарини вояга етмаганлар ҳамда 179 нафарини 60 ёшдан ошганлар ташкил қилган.

Шунингдек, 12 нафар хотин-қиз мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Давлат идораларида ишловчи 74 нафар шахс маст ҳолда автомашина бошқарган, яна шунчаси мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан бош тортган.

ЎзА хабарига кўра, Республика Олий суди томонидан транспорт воситаларининг маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг кўрилиши бўйича суд амалиёти умумлаштирилган. Унинг натижаларига кўра 2022 йил 5 cентябрь куни Раёсат қарори қабул қилинган.

Вилоят суди тизимида 2022-йилнинг ўтган 9 ойи давомида транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ 3416 та иш (3474 нафар шахсга нисбатан) кўриб тамомланиб, 3054 нафарига жарима, 363 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.