Tahlil

Бугун “эл-классико”. Омадсизлик ва жароҳатлар гирдобидаги “Барселона” “бир маромда сузаётган” “Реал”га қарши

Бугун “эл-классико”. Омадсизлик ва жароҳатлар гирдобидаги “Барселона” “бир маромда сузаётган” “Реал”га қарши

Бугун, 16-октябрь куни Испания Ла лигасининг навбатдаги тури доирасида  Мадриднинг “Реал” клуби ўз уйида Каталониянинг “Барселона” жамоасига қарши майдонга чиқади.

Бутун дунё эътиборини ўзида жам қиладиган ва “эл-классико” номи билан тарихга муҳрланган ушбу ўйин ўзбекистонлик футбол ихлосмандлари учун жуда қулай вақтда, яъни Тошкент вақти билан соат 19:15да старт олади.

Айни пайтда мусобақа жадвалида “кўк-анор ранглилар” “қироллик клуби” билан бир хил очко жамғарган бўлсада, жадвалда тўплар нисбатига кўра пешқадам бўлиб турибди. Пойтахтликлар Испания чемпионатининг 8-тури якунларига кўра, азалий рақибларига нисбатан 1 та кам тўп киритиб, ўз дарвозасидан 6 та кўп тўп олиб чиқишган.

Эътиборлиси, ҳар икки жамао ҳам ички мусобақа доирасида ҳали мағлубият аламини тотиб кўришмади. Хави бошчилигидаги католонлар мусобақанинг дастлабки турда ўз майдонида нурсиз дуранг қайд этган бўлса, “ЕЧЛ профессори” ҳисобланмиш дон Карло мураббийлигидаги мадридликлар ҳам ўз уйида сўнги турда дуранг натижага эришди.

Ла лига доирасида жамоалар ўртасидаги ўзаро охирги 20 та баҳсда “Барселона” клуби 9 марта майдонни ғолиб сифатида тарк этган. Мадридликларга эса бундай бахт 7 марта насиб этган бўлса, яна 4 учрашувда томонлар муроса йўлини танлашган.

Сўнги икки ўйинга назар соладиган бўлсак, дастлабки баҳсда “Реал Мадрид” сафарда 2:1 ҳисобида устун келган эди. Бунга жавобан иккинчи баҳсда католнияликлар ҳам меҳмонда мезбон – “Қироллик клуби”ни таслим этишди. Фарқли жиҳати Хави шогирдлари ЕЧЛ ва Ла лиганинг амалдаги ғолиблари дарвозасига жавобсиз 4 та тўп кирита олишди.

Бугунги баҳс принципиаллик жиҳатдан муҳим бўлсада, амалда кўп нарсларни ҳал этишда аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Сабаби мавсум аввалидаги ҳар қандай хатоларни тўғирлаш учун жамоаларда якунга қадар бир нечта имконият бўлади.

Шундай бўлсада, ҳар икки жамоа мураббийлари бугунги ўйинни шиддатли ўтишига вада бермоқда. Сабаби жамоалар ҳужумкорликни яхши кўрган ҳолда азалий рақибларини имкон борича кўпроқ хафа қилшни жуда исташади. Демак, 19:15дан бошлаб, ушбу ўйинни томоша қилмаслик учун бирор сабаб излаш шарт эмас. Шунчаки ойнайи жаҳон олдига жойлашинг ва буюк рақобатдан баҳра олинг.