Грециянинг Крит ороли кучли ёмғир сабабли сув остида қолди. Содир бўлган даҳшатли бўрон натижасида камида 2 нафар маҳаллий аҳоли чўкиб кетган. Малевизи ҳудудида бир неча киши бедарак йўқолган, деб эълон қилинган. Денгиз соҳилидаги Агия Пелагия шаҳрида қутқарувчилар сув оқими олиб кетган автомобиль ёнидан 50 ёшли эркакнинг жасадини топди.
«Кафимерини» нашрининг ёзишича, ғаввослар худди ўша машинада бўлган, деб таҳмин қилинаётган аёлни қидирмоқда. Якшанба куни унинг ўлимини «Прото Тема» газетаси тасдиқлади.
«Ушбу ҳодисалардан юрагим вайрон бўляпти ва биз Библиядаги фалокатни бошдан кечирмоқдамиз. Гап моддий зарар ҳақида эмас. Зеро, биз бир кишининг ўлими учун мотам тутамиз ва бедарак йўқолганларни қутқаришга умид қиламиз», деди Малевизи мэри Менелаос Бокеас.
«Ҳа, бу қурбонлари инсононият бўлган Библиядаги фалокатдир. Биз ушбу табиий офат бирор бир шаклда тайёргарлик кўра олмадик. Об-ҳаво тез ўзгариб, устимиздан улкан сув оқимлари босиб қолди», деди периферия раҳбари Ставрос Арнаутакис.
Хабарларга кўра, Критнинг шимолий қирғоқлари тошқинлардан энг кўп зарар кўрган. Шимоли-шарқдаги Ситиа шаҳрида эса ёмон об-ҳаво саккиз нафар сайёҳ ва қоровулнинг археология музейини тарк этишига тўсқинлик қилди.
Орол пойтахти – Ираклионда йўллар сув остида қолган, халқаро аэропорт ишламаяпти.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!