Jahon, Yangiliklar

Германияда шифохоналар ёпилмоқда. Энергия инқирози 40 фоиз соғлиқни сақлаш муассасаларини «мажруҳ» қилди

Германияда шифохоналар ёпилмоқда. Энергия инқирози 40 фоиз соғлиқни сақлаш муассасаларини «мажруҳ» қилди

Германиядаги энергия инқирози соғлиқни сақлаш тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах, мамлакатдаги шифохоналар энергия ва инфляция инқирози туфайли банкрот бўлиш хавфи остида эканини айтди.

Лаутербах, Германиянинг биринчи телевизион канали ARDда эфирга узатилган дастурида, касалхоналарнинг келгуси ойларда молиявий ликвидлик муаммолари бўлишини ва бу масалани ҳал қилиш кераклигини таъкидлади.

Лаутербах 18-октабр, сешанба куни Молия вазири Кристиан Линднер билан касалхоналарга давлат ёрдами кўрсатиш борасида учрашишини билдирган. «Касалхоналарда вазият жиддий салбий тус олаётгани аниқ. Чиндан ҳам, биз зудлик билан таъсир чоралар кўрмасак, шифохоналарни ёпишга тўғри келади», — деб огоҳлантирди амалдор.

Таъкидланишича, ҳар бир соҳа, жумаладан шифохоналар учун ҳам хусусий фонд яратиш имконсиз.

Сентябр ойи ўрталарида Германия касалхоналар уюшмаси томонидан эълон қилинган тадқиқотда, энергия нархларининг ҳаддан ташқари ошиши ва юқори инфляция туфайли фаолиятни давом эттириш имконсиз бўлиб қолган. Натижада мамлакатдаги шифохоналарнинг 40 фоизи банкрот бўлиш арафасида эканлиги билдирилган эди.

Ассоциация президенти Геральд Гасс ҳам клиникалар ўсиб бораётган харажатларни кўтара олмаслиги ва уларнинг баъзилари яқин ойларда ёпилишига тўғри келиши мумкинлигини таъкидлади. Афсуски, вазият шундай давом этса, келгуси йилда ҳолат янада ёмонлашиши кутилмоқда.