ЮНИСEФ ўсмирларнинг руҳий саломатлигини ўрганиш бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк тадқиқот натижаларини тақдим этди. Унга кўра, ўқувчиларнинг катта қисми (15,4% – ҳар 7 нафар ўсмирдан бир нафари) ўртача ва ўта оғир безовталик ва депрессиядан азият чекмоқда.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) 14 октябрь куни ўсмирларнинг психологик саломатлигига оид Ўзбекистон тарихидаги илк тадқиқот натижаларини тақдим этди. Тадқиқот ўспиринларнинг эҳтиёжларини, уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигига таъсир қилувчи мактаб билан боғлиқ омилларни яхшироқ тушуниш мақсадида март-май ойларида ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг барча вилоятларидаги 299 та мактабнинг 6-, 9- ва 11-синфларида таълим олувчи 22 854 нафар ўқувчилар иштирок этди.
«Ўсмирлик даври катта имкониятларни очиб беради ва шу билан бирга руҳий саломатлик ва фаровонлик билан боғлиқ хавфларнинг ортиши туфайли алоҳида эътиборни ҳам талаб қилади. Бу ўсмир ёшдаги болаларнинг ўрганиш, қарорлар қабул қилиш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишларига таъсир қилади», – деди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.
Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйича 10 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар 7 нафар ўсмирдан бири руҳият бузилишларидан азият чекади, уларнинг орасида безовталик ва руҳий тушкунлик (депрессия) етакчилик қилади. Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ўқувчиларнинг 15,4 фоизи – ўртача ва ўта оғир безовталик ҳамда 9,8 фоизи – депрессиядан қийналмоқда. Уларнинг орасида ота-онаси уйдан камида бир ой узоқда яшаган ўқувчилар, қолаверса, ишлаётган мактаб ўқувчилари ва қизлар улуши кўп. Ишлайдиганлар ўсмирларнинг 5 фоизини ташкил этди. Бу тенденция 11-синфлар орасида кўпроқ намоён бўлди.
Ўсмир ёшдаги ўғил-қизларнинг кўпчилигининг айтишича, уларнинг оиласидаги муносабатлари қониқарли, бироқ уларнинг деярли 9 фоизи мактаб ёки дўстлик билан боғлиқ масалаларда оиласи томонидан ёрдамни ҳис қилмаган. Мос равишда гарчи ўсмирларнинг кўпчилиги ҳаётнинг турли жабҳалари (яшаш жойи, оиласи, ўзлари)да қониқиш ҳис қилсада, 10% ўсмир ёшидагилар мактаб ва дўстлик тажрибасидан қониқмайди.
ўров иштирокчилари уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигини яхшилаши мумкин бўлган ҳимоя омилларини санаб ўтди. Улардан асосийлари: ижобий оилавий муносабатлар, сифатли дўстлик ва ижтимоий алоқалар, инклюзив ҳамда қўллаб-қувватловчи ўқитувчилар, ўқитувчилар ва ўқувчилар нисбати ва замонавий ўқитиш усуллари нуқтаи назаридан яхши мактаб шароитлари, шунингдек, дарсдан ташқари машғулотларда қатнашишдан иборат.
ЮНИСЕФ шунингдек, ўсмирлар, ота-оналар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларига саломатлик, гигиена, руҳий саломатлик, йўлда ва интернетдаги хавфсизлик, ота-она тарбиясининг ижобий усуллари ҳамда бошқалар бўйича маслаҳатлар берувчи «Яхши нарсалар интернети» платформасини тақдим этди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!