Jahon, Yangiliklar

Украина ТИВ: Қурол етказиб бераётгани учун Эрон Россиянинг жиноий шеригидир

Украина ТИВ: Қурол етказиб бераётгани учун Эрон Россиянинг жиноий шеригидир

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Эронни Россияга қурол етказиб беришда айблади.

«Биз Теҳронни Россияга ҳар қандай қурол етказиб беришни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз. Акс ҳолда, Эрон ва унинг раҳбарияти энг халқаро суд жараёнлари доирасида ҳам оғир масъулиятни ўз зиммасига олади», — дейилади Украина ТИВ сайтида эълон қилинган баёнотда.

Агентликнинг таъкидлашича, Россия муҳим инфратузилмага зарба бериш учун Эронда ишлаб чиқарилган дронлардан фойдаланмоқда. Қайд этилишича, ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 17-октабр куни Европа Иттифоқи давлатларини Эронга қарши санкциялар жорий этишга чақирган.

Аввалроқ Эрон ТИВ матбуот котиби Носир Канани мамлакат Украинадаги жанговар ҳаракатларда фойдаланиш учун Россияга қурол етказиб бермаётганини айтган эди. Теҳрон баллистик ракеталари ва учувчисиз учиш қурилмаларини етказиб бераётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Бунгача Американинг The Washington Post газетаси Россия Эрондан янги ракеталар ва учувчисиз самолётлар олиши ҳақида хабар берган эди. Бу ерда гап 300 ва 700 километргача масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир Fateh-110 ва Zolfaghar қисқа масофали баллистик ракеталари, шунингдек, Mohajer-6 ҳамда Shahed-136 учувчисиз учиш қўрилмалари ҳақида бормоқда.

Вазирликнинг маълум қилишича, ўтган ҳафта давомида Россия Эроннинг учувчисиз ўзи учар қурилмалари орқали Украина шаҳарларига юздан ортиқ зарбалар бериб, турар-жой бинолари, электр станциялари, оқова сув тозалаш иншоотлари, кўприклар ва болалар майдончаларига зарар етказган.