Чоршанба куни Юта штати, Огден жанубидаги Ҳилл ҳаво кучлари базасида F-35 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Бу ҳақида 388th Fighter Wing маълумот тарқатди.
Хабарда самолёт учувчиси хавфсиз тарзда қутқарилгани айтилган. Унга кўра, F-35 A Lightning II тахминан соат 18:15 лар атрофида ерга қулаган. Расмийларнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
«Учувчи қутқарилиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий тиббиёт марказига олиб кетилди», деб ёзди Hill ҳаво кучлари базаси твиттер саҳифасида. Учувчининг айни дамдаги аҳволи ҳақида қўшимча маълумотлар берилмаган.
Ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум. Бу борада текширув жараёнлари олиб борилмоқда.
388th Fighter Wing қўмондони, полковник Крейг Андрленинг матбуот анжуманида айтишича, учувчи одатдаги машғулот миссиясидан Ҳилл ҳаво кучлари базасига қайтаётган бўлган.
«Учувчи сифатида айтишим мумкинки, биз ҳалокат жараёнида ҳеч нарсага зарар етказмасликка ҳаракат қиламиз. Шу сабабдан ишончим комил, учувчи ҳалокат жараёнида биноларга зарар етказмаслик учун бор кучини сарфлади”, деб айтиб ўтди Андрле.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!