Самарқанд шаҳрида халқаро авиакомпаниялар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар вакиллари, шунингдек, дипломатик корпус, вазирликлар, идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини бир майдонда жамлаган «Discovering Uzbekistan» иккинчи туризм конференцияси бўлиб ўтди. «Uzbekistan Airports» матбуот хизматига кўра, ушбу анжумандан кўзланган мақсад «Ўзбекистон», деб номланган туризм маҳсулоти ҳақида сўз юритиш ва мамлакатимизни хорижлик сайёҳлар учун очишдир.
«Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева Ўзбекистон ҳайратланарли тарихий меросга, ранг-баранг табиий ландшафтга ва қулай географик жойлашувга эга мамлакат эканини таъкидлади. Маҳаллий сайёҳлар учун ҳам, ташқи туристлар учун ҳам Ўзбекистоннинг очиқлдигини таъминлаш мақсадига қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди. Одамларга Ўзбекистонни кўрсатиш, сайёҳларни, авиаташувчиларни жалб қилиш, янги йўналишлар очиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, шу орқали мамлакат аэропортларини ривожлантиришдан иборат масалалари муҳокама қилинди.
Конференция доирасида туризм ва авиация соҳаларининг муаммоли масалалари муҳокама қилинди, алоҳида ҳудудлар ва ноодатий туристик жойлар тақдимоти амалга оширилди. Ўзбекистон аэропортларининг имкониятлари ва рейслар сонини кўпайтириш режалари ҳақида сўз юритилди. шунингдек, янги минтақавий авиакомпания — «Silk Avia» тақдимоти ўтказилмоқда. Айтиш керакки, «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти, Туризм ва маданий мерос, Ташқи ишлар ҳамда Транспорт вазирликлари, Самарқанд туристик маркази тадбирнинг асосий ташкилотчилари ҳисобланади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!