O‘zbekiston, Yangiliklar

Мирзиёев «Арқадағ»нинг ўғли билан ўзаро гаплашиб олди

Мирзиёев «Арқадағ»нинг ўғли билан ўзаро гаплашиб олди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлиб турибди. Бугун ташриф аввалида Ўзбекистон раҳбари ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов тор доирада музокара ўтказдилар.

Давлат раҳбарлари қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.

Кейинги йилларда амалий ҳамкорликнинг барча йўналишларида катта натижалар бўлгани таъкидланди. Олий даражада эришилган келишувлар “йўл харитаси” асосида муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида мунтазам мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар олиб борилмоқда.

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов ушбу учрашув Ўзбекистон билан Туркманистоннинг кўп қиррали стратегик шериклиги ривожига янги суръат бағишлашига ишонч билдирдилар.

Халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилди, жумладан, Марказий Осиёда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.