Марғилонда “Атлас байрами” бешинчи халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали якунланди. Бу ҳақида Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Фестивалда дунёнинг 21 та давлатидан келган анъанавий тўқимачилик ва дизайн соҳасининг етакчилари, ҳунармандлар, санъатшунослар, арт-менежерлар, анъанавий ҳунармандчиликни бошқариш соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Бугун Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғида “Атлас байрами” бешинчи халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир аввалида Туризм ва маданий мерос вазирининг ўринбосари Нусратилла Зикриллаев сўзга чиқиб, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади “Атлас байрами” фестивалининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Таъкидландики, “Атлас байрами” фестивали миллий ҳунармандчилик ва туризмни янада ривожлантириш ва оммалаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳунармандлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда алоҳида ахамият касб этади.
Тадбир якунида халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан турли номинация бўйича ғолиблар эълон қилинди ҳамда тақдирланди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!