«Ашиқ аспан» акцияси доирасида Олмаота осмонига Қозоғистоннинг энг катта байроғи кўтарилди. Профессионал парашютчи Олег Тошчев ҳавода парашютда сакраш чоғида ўлчами 800 квадрат метр бўлган мамлакат байроғини очди, деб хабар бермоқда «Казинформ» агентлиги.
Бу ҳолат Қозоғистоннинг рекордлар китобига киритилди. «Ашиқ аспан» акцияси ҳар йили 25 октябрь санасида ўтказиладиган Қозоғистон Республикаси кунига бағишланди.
Ташкилотчилар акциянинг мақсади барча қозоғистонликларнинг ватанпарварлик руҳини кучайтириш, шунингдек, миллатидан қатъи назар, бир-бирига нисбатан бағрикенглик муносабатини мустаҳкамлашдан иборат эканини таъкидлади.
«Бугун биз Олмаота осмонида мамлакатнинг энг катта очиқ байроғи қандай кўтарилганига гувоҳ бўлдик. Ушбу лаҳзанинг бевосита гувоҳи ҳамда бир қисми бўлиш, мамлакатимиздаги бирлик ва юксаклик руҳини ҳис қилиш бахтига эришдим», деди Қозоғистон Рекордлар китоби вакили Куандик Кудайбергенов.
Байроқнинг ўлчами 800 квадрат метрни ташкил қилади ва у пойтахтнинг бош байроқ устунидагидан икки баравар катта. Сакраш амалга оширилган нуқта «Шимбулоқ» тоғ-чанғи курортидан ҳам юксакроқ бўлиб, баландлиги 3000 метрни ташкил этади.
Ташкилотчилардан бири Тлек Каналин байроқ барчани бирлаштирган давлат рамзи, мустақиллик рамзи эканини таъкидлади. Унинг фикрича, байроққа нисбатан ҳурматни шакллантириш, илиқ ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!