O‘zbekiston, Yangiliklar

Қарши шаҳар собиқ ҳокими қамоқда қоладиган бўлди

Қарши шаҳар собиқ ҳокими қамоқда қоладиган бўлди

Қарши шаҳар собиқ ҳокими Жамшид Фозиловни қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома қаноатлантирилган. Бу ҳақида Қашқадарё вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Олдинроқ, ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳар собиқ ҳокими Ж.Фозиловга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан  киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилганлиги кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Хабарда маълум қилинишича, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 22 октябрдаги ажримига асосан, Қарши шаҳар судининг Қарши шаҳар собиқ ҳокими Ж.Фозиловга нисбатан киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги ажрими бекор қилиниб, қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома қаноатлантирилди.

Маълумот учун, Ж.Фозилов 2016 йил 9 июль кунидан 2019 йил 26 октябрь кунига қадар Қарши шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келиши давомида ўзига берилган мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб келган.

У мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларига зид равишда уларни нотўғри талқин қилиш орқали давлат захирасидаги ерларни ва бошқа мулкларни, гўёки ўзининг шахсий мулки сифатида тасарруф этишни мақсад қилган.

Собиқ ҳоким ғараз ва бошқача паст ниятларда Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш доимий комиссия аъзолари, шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари У.Авазов, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти Ш.Бухаров, шаҳар бош архитектори Ш.Бўронов, Давлат кадастрлари палатаси Қарши шаҳар филиали бошлиғи М.Хушов ва бошқалар билан Қарши шаҳри ҳудудидаги ер майдонлари ва бошқа инфратузилма объектларини ноқонуний равишда сохта ҳужжатлар асосида бериш ҳақида олдиндан жиноий тил бириктирган.

2018-2019 йиллар давомида 54 та ҳолатда умумий қиймати 60 млрд 512 млн сўм бўлган ер участкаларини жиноий гуруҳ аъзолари томонидан ўз кучини йўқотган Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки қарор қабул қилишда асос бўлмаган бошқа сохта маълумот ва ёзувлар киритиб тайёрланган далолатномаларга асосан, аукцион савдоларини ўтказмасдан, ноқонуний ер ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш орқали талон-торож қилинишига сабабчи бўлган.

“Вилоят прокурори томонидан Қарши шаҳар собиқ ҳокими Ж.Фозилов ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши алоҳида назоратга олинган бўлиб, тергов натижалари юзасидан маълумот берилади”, дейилади вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабарида.