2022 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Қозоғистонга 13 362 киши қайтиб келди ва кандаслар, яъни этник қозоқлар мақомини олди.
Бу ҳақида Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги хабар берди.
Умуман олганда, 1991 йилдан буён республикага 1101,2 минг этник қозоқ қайтиб келди.
Йил бошидан буён Қозоғистонга келган кандаларнинг ярмидан кўпи ёки 68,7 фоизи Ўзбекистондан, 10 фоизи Хитойдан, 7,9 фоизи Туркманистондан, 4,6 фоизи Мўғулистондан ва 8,8 фоизи бошқа давлатлардан борган.
2021 йилда 17540 нафар қозоқлар тарихий ватанига қайтди.
Кандас – илгари Қозоғистон Республикаси фуқароси бўлмаган, ўз тарихий ватанига келган ва «Аҳолининг миграцияси тўғрисида»ги қонунида белгиланган тартибда тегишли мақомга эга бўлган этник қозоқ ва (ёки) қозоқ миллати оиласига мансуб шахслар ҳисобланади.
Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг демографик муаммоларга дуч келган Қозоғистон ҳукумати «Нурли Кош» дастури орқали қозоқларни ўз ватанига қайтишга чақирмоқда.
Маълумки, 5 миллионга яқин қозоқлар дунёнинг 40 дан ортиқ давлатида истиқомат қилади ва уларнинг аксарияти 1920-30 йилларда совет давридаги сиёсий репрессиялар ҳамда қашшоқлик туфайли ватанини тарк этган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!