Бугун, 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида жойлашган омборхоналардан бирида кучли ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, соат 09:08 да Чилонзор тумани Чорбоғ кўчасида жойлашган омборхонада ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра 4 та ёнғин-қутқарув экипажи 09:16 да воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 09:22 да бартараф этилган.
Ёнғин натижасида омборхонанинг очиқ ҳудудида тахминан 150 кв.м майдондаги маҳсулотлари ёниб зарарлангани айтилмоқда. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги маълум қилинди. Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ўрганилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!