Жиззахлик 16 ёшли ўқувчи ўзганинг 2 млн. сўмдан ортиқ пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритди.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази маълумотига кўра, фирибгар жабрланувчининг ишончига кириб, 3 йил муддатга 90 миллион сўм эвазига 16 фоиздан «Nexia-3» автомашина олиб беришни ваъда қилган.
Алданиб қолганини англаган Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи, фуқаро З.Ж. ариза билан мутсаддиларга мурожаат қилади. У телеграм мессенжеридаги «Автокредит бош тўловсиз» гуруҳига аъзо бўлгани оқибатида чув тушиб қолганини билдиради. Ўзини гуруҳ администратори, деб таништирган шахс унинг ишончига кириб 3 йил муддатга «Nexia-3» русумли автомашина олиб беришни ваъда қилади. Автоулов нархи 90.000.000 сўм бўлиб, йиллик 16 фоиздан бўлиб ўташ имкони борлиги билдирилади. Шундан сўнг фирибгар келишув асосида бошланғич 2.180.000 сўм пулни қўлга киритади. Ушбу воқеадан кейин у телеграм мессенжеридаги ёзишмаларини ўчириб ташлайди. Ариза муаллифи ушбу ҳолат бўйича гуруҳ администраторига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўрайди.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик йўли билан пулларни ўзлаштирган шахс ҳақидаги маълумотлар ўрганилади. У Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи 2006 й.т., 10-синф ўқувчиси М.Д. экани аниқланади.
Айни пайтда М.Д.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!