Jahon, Yangiliklar

Грузия ҳамда Литва Украинани қўллаб-қувватлайди — Мудофаа вазирлари

Грузия ҳамда Литва Украинани қўллаб-қувватлайди — Мудофаа вазирлари

Бугун Грузия мудофаа вазири Джуаншер Бурчуладзе ва унинг литвалик ҳамкасби Арвидас Анушаускас ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Икки томонлама музокаралар чоғида Қора денгиз минтақасидаги хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди, деб ёзади «Новости Грузия».

Бурчуладзе Литва Грузиянинг «ажойиб, қатъий ва содиқ» стратегик ҳамкори эканини таъкидлади. Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, учрашувда икки томонлама лойиҳа ва ташаббуслардаги ҳамкорлик ҳамда уларда биргаликда иштирок этиш муҳимлиги таъкидланди.

Вазирлар НАТОнинг келаси йили Вильнюсда бўлиб ўтадиган саммитида Грузия истиқболлари ва кутилаётган «аниқ қадамлар»ни кўриб чиқди. Шунингдек, Қора денгиз минтақасида барқарорлики сақлашнинг аҳамияти ҳақида ҳам сўз борди.

Томонларнинг мудофаа раҳбарлари Украинадаги вазият ҳақида ҳам фикр алмашди. Вазирлар яна бир бор Украинани қўллаб-қувватлашларини билдирган.

Грузия мудофаа вазири литвалик ҳамкасбига НАТО ва Европа Иттифоқи стандартлари мувофиқ равишда вазирликда олиб борилаётган ҳамкорликдаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Бурчуладзе ва Анусаускас, шунингдек, ҳарбий таълим, киберхавфсизлик, стратегик коммуникациялар, мажбурий ҳарбий хизмат, ярадор аскарларни реабилитация қилиш, миллий мудофаа академиялари ўртасида ташрифлар алмашинуви ҳамда қўшма машғулотлар бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг «аниқ режалари»ни кўриб чиқди.

Учрашув якунлари бўйича вазирлар стратегик ҳамкорлик тўғрисида қўшма коммюнике имзоладилар.