Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қурол-яроғ сақланадиган омборлардан бирида юз берган портлаш ҳақидаги маълумот зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга етказилган. Бу ҳақида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Бундай техноген характердаги ҳодисалар ҳақида президентга зудлик билан хабар берилади. Ушбу вазиятда ҳам давлат раҳбарига тезликда ахборот берилди ва Президентимиз томонидан тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ҳодиса жойига юборилди», деб айтиб ўтди Шерзод Асадов.
Маълум қилинишича, ишчи гуруҳ дарҳол талофотлар таҳлили билан шуғулланишга киришган. Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда вилоят ҳокими бошчилигида махсус комиссия тузилиб, талофотлар оқибатини тезда бартараф этиш бўйича иш бошланган.
Шунингдек, Асадов якка портлаш иборасига аниқлик киритиб кетган. Якка портлаш — кейинчалик ҳеч қандай детонация бермайдиган портлашдир.
“Техноген ходиса рўй берган омбор ХХ асрнинг 40 йилларида қурилган бўлиб, илгари техник қоидаларга кўра бундай омборларда катта қурол-яроғ сақланар эди. Аммо 2016 йилдан сўнг барча омборлар реконструксия қилинмоқда. Барчасининг атрофида жаҳон стандартларига кўра кичик омборлар қурилмоқда ва уларда кам миқдорда қурол-яроғ сақланмоқда.
Барча обектларда жаҳон стандартларига кўра қўйиладиган талаб асосида инженер-муҳандислик ишлари олиб борилмоқда. Натижада портлаш содир бўлган тақдирда ҳам имкон қадар зарар келтирувчи жисмларнинг атрофга сочилишининг олди олинади.
Сирдарё вилоятидаги портлаш ҳам шундай омборлардан бирида содир бўлган ва хавфсизлик талабларига амал қилингани туфайли катта талофот бўлмади. Асосий зарарланиш ҳам ён-атрофдаги биноларнинг том ва ойна қисмига тўғри келган. Яъни, портлаш тўлқини туфайли биноларга қисман зарар етса ҳам, турли жисмлар тарқашининг олди олинди.
Бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деб ўз сўзларини якунлаган матбуот котиби.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!