Кеча, 23 октябр куни тунда – Россия-Украина урушнинг 242-кунининг охирида Украина президенти Владимир Зеленский Украина халқига навбатдаги мурожаати билан чиқди.
“Бугун биз Россия теракти нишонига айланган барча ҳудудларимизда электр энергиясини етказиб беришнинг техник имконияти тиклангани ҳақида хабар беришимиз мумкин. Одамларга ёруғлик бахш этиш учун тинимсиз меҳнат қилган ҳар бир инсонга раҳмат айтаман”, дея ўз мурожаатини бошлади Зеленский.
Украина президенти кўплаб шаҳар ва туманларда энергетика корхоналари барқарор ишлашлари учун қисман электр энергияни чеклаш жадвалларидан фойдаланишга мажбур бўлинаётганини маълум қилди.
Шунингдек, у бу ҳолат электр энергияси етарли ҳажмда ишлаб чиқариш мумкин бўлмаган шароитда бутун Украина халқимиз энергиядан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши учун амалга оширилаётганини таъкидлади.
“Террорчилар зарбалари натижасида вайрон бўлган энергетика объектларини тиклаш қийин ва узоқ вақт талаб этадиган жараёндир. Аммо вақт ўтиши билан биз уни тўлиқ тиклаймиз. Бу борада бизга вақт зарур. Шу сабабли, бугунги кунда ҳам, келажакда ҳам электр энергиясини жуда онгли равишда тежаб истеъмол қилиш зарур. Илтимос, кундалик ҳаётингизда кераксиз ва энергия кўп сарфлайдиган ускуналардан фойдаланишни чеклашни унутманг”, дея ўз мурожаатини якунлаган Владимир Зеленский.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!