Yangiliklar

Қашқадарёда «Саҳродан-музликкача» туризм магистрали яратилади

Қашқадарёда «Саҳродан-музликкача» туризм магистрали яратилади

Аввал хабар берганимиздек, айни дақиқаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йил якунига қадар қилинадиган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов ҳудудни ривожлантириш ишлари ҳолати ва истиқболдаги мақсадлар юзасидан ҳисобот берди.

2022 йилнинг 9 ойида вилоятда 12,5 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган, уларнинг сони 55 мингтага етган, уларда 32 мингта янги иш ўрни яратилган.

2023 йилда маҳаллаларда 15 та “Обод маҳалла” марказларини ташкил этиш, хизматлар соҳасида 6,5 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.

5,2 минг тонна парранда гўшти, 450 тонна балиқ гўшти, 18 тонна ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик паррандачилик мажмуасини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Қарши шаҳрида лойиҳа қиймати 20 миллион долларлик бизнес марказини барпо этиш кўзда тутилган.

Вилоятга 50 минг нафар хорижий ва 1 миллион нафар маҳаллий турист ташриф бурган. «Саҳродан-музликкача» туризм магистралини яратиш режалаштирилган.

Қашқадарё ҳокими саноат йўналишида ишлаб чиқариш 15 триллион сўмни, аҳоли жон бошига 4,4 миллион сўмни ташкил қилгани, соҳада банд аҳоли қарийб 44,8 минг нафар эканини маълум қилди.

2023 йилда драйвер соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига бу кўрсаткичларни тегишлича 24 триллион сўм, 6,3 миллион сўм ва 45,2 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.

2022 йилда умумий қиймати 1,9 миллиард долларлик 844 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Натижада 12,4 мингта иш ўрни яратилади.

2023 йилда 3,4 миллиард долларлик 769 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, бунинг натижасида 13 186 та иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини 2,9 триллион сўмга, бюджетга тушумларни 712 миллиард сўмга, экспортни 165 миллион долларга ошириш, 110 миллион долларлик импортни ўрнини босиш кутилмоқда.

Вилоятнинг экспорт ҳажми 2022 йилда 26 фоизга ўсиб, 280 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда. 2023 йилда бу кўрсаткични 400 миллион долларга етказиш режалаштирилган.