Yangiliklar

46 та туманлараро перинатал маркази ташкил этилади

46 та туманлараро перинатал маркази ташкил этилади

Олдинроқ, Ўзбекистон Президенти иштирокида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилаётгани маълум қилинган эди.

Йиғилиш давомида давлат раҳбари соҳада қилиниши лозим бўлган ишларни белгилаб берди.

Бирламчи бўғинни маҳаллагача тушириш бўйича бошлаган ислоҳотлар самарасини ошириш лозимлиги қайд этилиб, оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш ишларини жадаллаштириш топширилди.

“Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда 191 нафар шифокор иш бошлади. Яна 171 та бўш ўринни тўлдириш вазифаси қўйилди.

Шифохоналарда туғруқ ўринларини кўпайтириш, республика бўйича 46 та туманлараро перинатал марказни ташкил этиш ишларини тезлаштириш топширилди.

Тез тиббий ёрдамда чақирувга етиб бориш вақти 3 баробарга, харажатлар 25 фоизга қисқаришига қаратилган Президент қарорларининг ижроси устидан назоратни кучайтиришга кўрсатма берилди.

Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳокимлар, соҳага масъуллар ва ихтисослашган марказлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди. Улар йил якунига қадар ва келгуси йил учун режаларини ҳам батафсил тушунтирди.