Yangiliklar

Бепул тарқатиладиган дорилар учун 540 миллиард сўм сарфланган

Бепул тарқатиладиган дорилар учун 540 миллиард сўм сарфланган

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Айни дамда давлат раҳбари иштирокида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, йиғилиш аввалида Президент барча шифокор ва ҳамшираларни, фелдьшер ва санитарларни яқинлашиб келаётган Тиббиёт ходимлари куни билан табриклаган.

“Хабарингиз бор, жорий йил март ойида сизлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, барча масалаларни очиқ-ойдин муҳокама қилган эдик. Бугунги йиғилишимизни ана шу очиқ мулоқотнинг мантиқий давоми, десак, бу ҳам тўғри бўлади”, деб айтиб ўтган Шавкат Мирзиёев.

Президент тиббиёт соҳасидаги энг устувор вазифалардан бири малакали тиббий хизматларнинг ҳар бир хонадонга кириб боришини таъминлашдан иборатлигини таъкидлади ва эришилган натижалар ҳақида сўз юритди.

Жумладан, жорий йилда янги 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, мингта маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Бу орқали 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди.

Ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баланси ишлаб чиқилди.

Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди. Бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми эса ўтган йилга нисбатан 3 баравар оширилди (188 миллиард сўмдан 540 миллиард сўмга).

Шунингдек, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига УЗИ ва ЭКГ ускуналари етказиб берилди.

Оилавий поликлиникаларда 19,5 мингта кундузги шифо ўринлари ташкил этилди.

Бунинг натижасида 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди.

Тиббиёт ходимлари ойлиги 30 фоизгача оширилди. Шунингдек, шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ва устама тўловлари жорий этилди.

Умуман, жорий йилда тиббиётга 28 триллион сўм ажратилмоқда ва бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар кўп.