O‘zbekiston, Yangiliklar

Номусни пулламоқчи бўлганларнинг кирдикорлари фош этилди

Номусни пулламоқчи бўлганларнинг кирдикорлари фош этилди

«Одам сотиш»ни ўзига касб қилган М.Соатова (исмлар ўзгартирилган)га  суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, 2022 йил март ойининг бошларида ўзига аввалдан таниш бўлган Гўзалнинг қийналиб қолганидан фойдаланишга уринади. Хусусан, Навоий шаҳар Навоий маҳалласи 28-уй 1-хонадонда яшаб келган 1995 йилда туғилган танишининг пулга муҳтожликдан чет давлатга чиқиб ишлаш ниятида юрганлигини билиб олади. Ундан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун ёллаш ниятида Туркия давлатига боришни тавсия қилади. Аёлга фоҳишалик билан шуғулланса, катта миқдорда пул ишлаб топишини, Туркияга бориши учун йўл харажатларини ўзи тўлаб беришини айтади.

М.Соатованинг макрига учган Гўзал фоҳишалик йўли билан бойлик орттиришга «ишқи» тушади. 2022 йил 10 январь куни унинг номига Туркия давлатига учиб кетиш учун электрон авиачипта харид қилади. 2022 йил 10 январь куни соат 21:30 ларда Гўзални Туркияга жўнатиш учун йўловчи автомашинада Тошкент халқаро аэропортига олиб кетаётган пайтида «одамлар савдогари» қўлга тушади. Яъни, Дўстлик тумани ҳудудидаги «Манас-14» ЙПХ масканида Жиззах вилоят ИИБ ходимлари томонидан ушланади. Ўша вақтда ундан ишга алоқадор буюмлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур жиноят иши суд мажлисида кўриб чиқилиб, М.Соатова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Шу ўринда бир мулоҳаза, бир инсон ўзганинг шаънини топташга интилишини нафси йўлида адашган, деб баҳолаш, уни бироз англаш мумкиндир. Бироқ пул учун танасини сотишга, ўзга мамлакат эркаклари учун шаҳвоний қул бўлишга розилик билдирганларни таърифлашга ожизмиз. Аслида, икки қўлдан чиққан қарс учун кўп ҳолларда фақатгина бир «қўл кесилади»…