Jahon, Yangiliklar

Охирги етти йилда Европага отланган 29 минг мигрант йўлда ҳалок бўлган — БМТ

Охирги етти йилда Европага отланган 29 минг мигрант йўлда ҳалок бўлган — БМТ

Халқаро Миграция Ташкилотининг (ХМТ) «Бедарак йўқолган муҳожирлар» лойиҳаси 2021 йил бошидан буён Европа бўйлаб ва унинг ичидаги миграция йўналишларида камида 5684 кишининг ўлимини қайд этган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Ўрта ер денгизи орқали ўтадиган йўналишларда, Европа билан қуруқлик чегараларида ва қитъанинг ўзида кузатилмоқда, деб хабар қилмоқда БМТ матбуот хизмати.

Ташкилот Жулиа Блекнинг таъкидлашича, 2014 йилдан бери Европага кўчиб ўтиш чоғида 29 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган. Бу ўлимлар дахшати янада қонунийроқ ва хавфсизроқ миграция йўлларини топиш зарурлигини яна бир ёдга солади.

Ҳудудлар кесимида, 2021 йилдан жорий йилнинг 24 октябригача Марказий Ўрта ер денгизи йўналиши бўйлаб камида 2836 та ўлим ҳамда бедарак йўқолганлар ҳақида қайд этилган. Бу 2019-2020 йиллардагига нисбатан қарий 600 нафарга кўпдир.

Ҳисобот даврида Ғарбий Африка-Канар ороллари (Испания) йўналишида 1532 ўлим билан боғлиқ ҳолат аниқланган. Маълум бўлишича, бу ХМТнинг 2014 йил, яъни мазкур турдаги ҳолатларни ҳужжатлаштириш бошлаганидан буён ҳар қандай икки йилликдагидан ортироқдир.

Ушбу узоқ ва хавфли йўналишлардаги маълумотлар жорий йил учун тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Зеро, кўпинча бутун бошли кемалар қидирув ва қутқарувсиз денгизда ғарқ бўлиб, йўқолиб кетиш билан боғлиқ «кўринмас кема ҳалокатлари» ҳисобга олинмайди. Чунки бундай ҳолатларни текшириш узоқ ва машаққатли жараён саналади.

«Бедарак йўқолган муҳожирлар» лойиҳаси маълумотлари шуни кўрсатадики, агар қийин аҳволда қолган мигрантларга тез ва самарали ёрдам берилса, кўплаб ўлимларнинг олдини олиш мумкин эди.

ХМТ маълумотларига кўра, 2021 йилдан бери камида 252 киши Европа расмийлари томонидан мажбурий чиқариб юборилиши натижасида вафот этган.

Умуман олганда, 2014 ва 2021 йиллар оралиғида Европа ва қитъага кетиш йўлида ҳалок бўлган 17 000 дан ортиқ одам келиб чиқиши ҳақида ҳеч қандай маълумотсиз рўйхатга олинган. Ваҳоланки, бу бедарак йўқолган қариндошларини қидираётган оилаларга ёрдам бериши мумкин бўлган асосий идентификация тафсилоти ҳисобланади.

ХМТ Европа ва ундан ташқаридаги давлатларни миграция пайтида одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, ўлим кўрсаткичини камайтириш учун шошилинч ҳамда аниқ чоралар кўришга чақирмоқда. Давлатлар барча одамларнинг яшаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаши, кейинчалик ҳалок бўлиш ва йўқолиб қолишнинг олдини олиши керак. ХМТ таъкидлашича, барча давлатлар хавфсиз миграцияни таъминлаш ва муҳожирларнинг ўлими ёки йўқолиши хавфини имкон қадар энг кам даражага тушириш учун миграция сиёсатини қайта кўриб чиқиши керак.