Бухоро шаҳар электр таъминоти корхонаси ходимлари тармоққа ноқонуний уланиб олган фуқароларни фош этяпти. Хусусан, Бухоро шаҳрининг «Чорбақоли», «Мирдўстим», «Мустақиллик», «Туркий Жанди» кўчалари ўрганилди. Натижада айрим истеъмолчилар ўғринча тармоққа уланиб электр энергиясидан фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақида «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати хабар қилди.
Хусусан, Кўкалдош МФЙ «Чорбақоли» кўчасидаги хонадон қарздорлик сабаб тармоқдан автоматик тарзда узилган. Истеъмолчи эса тўловни амалга ошириш ўрнига хонадоннинг ички қисмидан тўғридан-тўғри уланиб олган. Табиийки, ушбу ҳолатда қоидабузарга нисбатан далолатнома расмийлаштириб тармоқдан узиб қўйилди.
Ишчи гуруҳининг кейинги манзили «Мустақиллик» ҳамда «Мирдўстим» кўчалари бўлди. Ушбу манзилдаги кўп қаватли уйларда яшовчи айрим шахслар халы мулки саналган электр манбаидан фойдаланиш тартибини бузгани фош бўлди. Улар ҳам бамайлихотир тўғридан-тўғри тармоққа уланиб олган. Энергия ишлаб чиқарувчи ҳамдам уни етказиб берувчи ходимлар машаққати ҳақида ўйлаб кўришни хаёлига ҳам келтирмаган.
Шаҳар бўйлаб ўтказилган ўрганишлар давомида яна қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Уларнинг ҳар бири бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, электр энергияси тамъинотидан узиб қўйилди. «Уддабурон» фойдаланувчиларнинг «маҳорат»лари табиийки, олқишга эмас тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!