O‘zbekiston, Yangiliklar

«Ташаббусли бюджет» лойиҳасида ғолиб бўлолмаганларга ҳам пул берилади

«Ташаббусли бюджет» лойиҳасида ғолиб бўлолмаганларга ҳам пул берилади

«Ташаббусли бюджет» лойиҳасида ғолиб бўлолмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча маблағ ажратиладиган бўлди. Бу ҳақида кеча давлатимиз раҳбари қарорни имзолади. Яъни, «Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, юзлаб одамларнинг ташаббуси қўллаб-қувватланади.

Қарорга кўра, 2022 йил июль-сентябрь ойларида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 364 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур ишлар учун қўшимча 335 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Эндиликда, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида маблағлар йўналтирилади. 2023 йилдан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирларни аҳолининг ўзи аниқлаб беради.

Бундан ташқари, ҳокимликлар бюджетида шаклланган қўшимча маблағларнинг 30 фоизи туман (шаҳар)ларда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

Қарорга биноан, жамоатчилик фикрини аниқлаш учун овоз бериш жараёнлари иккита мавсумга бўлинади. Биринчи мавсуми – ҳар йили февраль-март ойларида, иккинчи мавсуми эса июнь-июль ойларида бўлиб ўтади.

Шунингдек, келгуси йил учун ўтказиладиган тадбир ҳам фуқароларнинг овоз бериш йўли орқали аниқланади. Унга кўра, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасидаги тадбирларни шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни – ҳар йили ноябрь–декабрь ойларида ўтказилади.