Yangiliklar

Мирзиёев ташаббуси: Марказий Осиёда «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш

Мирзиёев ташаббуси: Марказий Осиёда «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги делегациялар раҳбарларининг мажлисида иштирок этмоқда.

Президент йиғилишда Европа Иттифоқини «яшил» тараққиёт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга, бунда алоҳида эътиборни эко-инновациялар, энергия самарадор ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, «Smart-AKIS» Европа тармоғи ёрдамида «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратишга чақирди.

«Erasmus+» ва «Европа горизонти» дастурлари доирасида таълим бўйича Европанинг илғор методикаларини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш, қўшма фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказиш таклиф қилинди.

Ноябрь ойининг иккинчи ярмида Парижнинг Лувр музейида минтақамиз халқларининг маданиятига бағишланган йирик кўргазма ташкил этиш режалаштирилган. Бундай тадбирларни ҳар йили Европа давлатларининг пойтахтларида ва маданият марказларида ҳамкорликда ўтказиб бориш ташаббуси илгари сурилди.

Давлат раҳбари минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги амалий ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Афғонистонга кўмаклашиш масаласида бутун халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ҳаракати ва ҳақиқий кўмаги зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси қабул қилинган вақтдан буён уч йил ўтди. Афсуски, пандемия сабабли кўпгина тадбирлар ва масалалар тўлиқ амалга оширилмай қолгани таъкидланди.

Шу муносабат билан Президент стратегиянинг бажарилишини жадаллаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида кўп томонлама дастурий ҳужжат – “Йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Сўзининг якунида Ўзбекистон етакчиси мамлакатларимиз барқарор тараққиёти, равнақ ва фаровонлиги йўлида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқот тарафдори эканини таъкидлади.