Исландияда бўлиб ўтаётган шахмат бўйича “World Fischer Random Chess Championship” жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг 4-тур ўйинлари ўз якунига етди.
Ушбу турда шахматчилар 3-турда дуч келган рақиблари билан яна 2 партия давомида баҳс юритишди. Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов охирги турда Гретарссонга қарши икки партияда тўлиқ устунлик билан ғалаба қозониб, А гуруҳида 5 ярим очко тўплаб 1-ўринда бораётган эди.
Гуруҳ босқичининг 4-турида ҳам ушбу спортчилар яна ўзаро бир-бирига қарши дона суришди ва ўзбек шахматчиси бу гал ҳам ҳар иккала партияни ўз фойдасига ҳал этди ҳамда А гуруҳида 7 ярим очко билан якка пешқадам бўлиб олди.
4-тур якунларига кўра, А гуруҳида Нодирбек Абдусатторовдан кейинги поғонани россиялик шахматчи Ян Непомняший 5 очко билан эгаллаб турибди. Гуруҳнинг 3-ўринида 8 та имкониятдан 3 очко тўплаган Со Уэсли жойлашган бўлса, ўзбекистонлик шахмат устасига 4 та баҳсда ҳам имкониятни бой берган Гретарссон эса бор йўғи ярим очко билан сўнгги поғонадан жой олган.
Жаҳон чемпионатида бугун бешинчи ва олтинчи тур ўйинлари ўтказилади. Ўзбекистонлик шахмат устаси ушбу турларда қандай натижа кўрсатишидан қатъий назар муддатидан олдин жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўл олди. Сабаби 3-ўриндаги Со Уэсли қолган 4 партияни ўз фойдасига ҳал этган тақдирда ҳам очколар бўйича Нодирбек Абдусатторовга етиб ололмайди.
Нодирбек гуруҳ босқичининг 5-турида россиялик шахматчи Ян Непомняшийга қарши дона суриши керак. Бугун бўлиб ўтадиган ушбу 2 партияда Абдусатторов ҳеч бўлмаса дуранг натижа қайд этиб, 1 очко тўплай олса, муддатидан олдин ўз гуруҳида 1-ўринни забт этади.
Шунда сўнгги 6-тур ўйинлари ўзбек шахматчиси учун шунчаки расмиятчилик йўлида ўтказилади. Маълумот учун, 6-турда Со Уэсли Нодирбек Абдусатторовга рақиблик қилади.
Жаҳон чемпионатининг В гуруҳида 4-турдан кейин жаҳоннинг амалдаги 1-рақамли шахматчиси Магнус Карлсен 8 партиядан сўнг 5 ярим очко билан 1-ўринни банд этган.
Кейинги поғоналарни АҚШлик Накамура 5 очко билан, россиялик Федосеев 4 очко билан, германиялик Блеубаум 1 ярим очко билан эгаллаб турибди.
Нодирбек Абдусатторов ўзи жой олган гуруҳда 1-ўринни қўлга киритса, жаҳон чемпионатининг ярим финалида катта эҳтимол билан Накамура ёки Федосеевга қарши дона суради.
Умар Мурод тайёрлади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!