O‘zbekiston, Yangiliklar

Ўзбекистон эришган муваффақиятлари билан чекланмай, янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтиради — Мирзиёев

Ўзбекистон эришган муваффақиятлари билан чекланмай, янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтиради — Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги делегациялар раҳбарларининг мажлисида иштирок этаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Тадбир кун тартибига мувофиқ, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёв ўз нутқида Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас тус олган ислоҳотларнинг асосий устувор вазифаси самарали фаолият кўрсатадиган бозор механизмларига, юқори ҳаёт даражаси ва қулай турмуш шароитларига эга кучли ҳуқуқий давлатни барпо этишдан иборат эканини таъкидлади.

Президент ўз сўзида Ўзбекистон эришган муваффақиятлари билан чекланмаслиги ва янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини таъкидлади.

— Бу ўринда гап, аввало, қонуннинг сўзсиз устуворлиги, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳақида бормоқда, – деди мамлакат етакчиси.

Маълумот ўрнида, тадбирда Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Хожамират Гелдимиратов ҳам қатнашди.