Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беришича, Зангиота ва Жондор туманларида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулоти сотувга қўйилишининг олди олинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда фуқаро Б.Т. яширин цех ташкил қилгани аниқланди. Маълум бўилишча, фуқаро у ерда санитария қоидаларига зид равишда турли хилдаги гўшт маҳсулотлари тайёрлаб сотиш билан шуғулланиб келган. Тадбир иштирокчилари истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган жами 1 271,5 кг. гўшт маҳсулотини ашёвий далил сифатида олиб қўйди.
Шу каби, Департаментнинг Жондор туман бўлими томонидан тегишли мутасадди ташкилотлар ходимлари билан ўрганиш ўтказилди. Унда фуқаро Ф.Ф. “Жондор туман ЭКО бозор” МЧЖ ҳудудида истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 1 100 кг. гўшт маҳсулотини муомалага киритиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекснинг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!