Yangiliklar

Байден Путиннинг қилиши мумкин бўлган ишларидан хавотирда

Байден Путиннинг қилиши мумкин бўлган ишларидан хавотирда

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путиннинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш ниятида эмаслиги ҳақидаги сўзларига шубҳа билан қаради.

Путин пайшанба кунги нутқида Россия ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилмагани ва фақат Ғарб етакчиларининг ядровий шантажига жавоб берганини айтди.

«Агар унинг бундай нияти йўқ бўлса, нега у ядровий қурол ҳақида гапиради? Нега у доимо тактик ядро қуролидан фойдаланиш қобилияти ҳақида гапиради?», деди Байден NewsNation телеканалига берган интервьюсида.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби CNN телеканалига берган интервьюсида Россия «ифлос бомба»дан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқаётган бўлиши ва бунинг учун Украинани айблаш учун баҳона яратиши мумкинлигини айтди.

Шу билан бирга, Кирбининг қайд этишича, Вашингтон ҳали бунинг аломатларини кўрмаган.

«Улар кўпинча қилаётган ёки қилмоқчи бўлган ишларида бошқаларни айблашади. Шунинг учун биз буни жиддий қабул қилишимиз керак. Ҳозир биз руслар «ифлос бомба» ишлатишни режалаштираётгани ёки буни тайёрлаётгани ҳақида ҳеч қандай аломат кўрмаяпмиз», деди Кирби.