Jahon, Yangiliklar

Европада пляж мавсуми давом этмоқда

Европада пляж мавсуми давом этмоқда

Октябрь деярли тугади. Аммо Европанинг жануби-ғарбий қисмида пляж мавсуми ҳали ҳам давом этмоқда. Испания ва Францияда рекорд даражадаги иссиқ ёздан кейин ана шундай нотабиий иссиқ куз давом этмоқда. Кундузги ҳарорат кўп ҳудудда 20 даражадан ошади. Ўрта ер денгизи соҳилларида эса бу кўрсаткич деярли 30 га кўтарилади.

Экологлар ва метеорологлар содир бўлаётган воқеани яхшилик аломати эмас, деб баҳолади. Уларнинг фикрича, бу атмосферага буғланаётган зарарли газлар миқдори муттасил ошиб бораётганидан далолатдир.

Жаҳон метеорология ташкилоти бош котиби Петтери Таалас карбонат ангидрид, метан ва азот оксиди бўйича рекордлар янгиланганини таъкидлади. Атмосфера яхшиланишига ҳали бери умид қилмаслик кераклиги қайд этилди.

Умуман олганда, иссиқ куз деярли бутун Европадан Буюк Британиягача ҳудудни қамраб олган. Франциялик метеорологларнинг фикрича, мамлакатда чўзилган «Ҳинд ёзи» келаси ҳафта якунланиши керак. Бу октябрь ушбу мамлакатлар тарихидаги энг иссиғи, деб эълон қилинган. Маълумотларга кўра, Испанияда бундай об-ҳаво ноябрь ойининг ўрталаригача давом этади.