Yangiliklar

«Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг қарори туфайли 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши ва 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин эди

«Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг қарори туфайли 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши ва 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин эди

Аввалроқ, иссиқхоналарни газ таъминотидан узиш ҳолати бўйича тадбиркорларнинг норозилик ҳолатидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев хабар топгани ва ушбу ҳолатни зудлик билан кўриб чиқиш учун Администрация раҳбари Сардор Умурзаковга тегишли топшириқ бергани ҳақида хабар берган эдик.

Маълум қилинишича, ҳолат зудлик билан ташкил этилган йиғилишда кўриб чиқилган ва газ таъминотидан узилган иссиқхоналар 1 кун ичида газ билан қайта таъминланиши маълум қилинди.

Йиғилиш давомида иссиқхона эгалари бўлган тадбиркорлар ҳам тингланди. Улар ўзларини қийнаётган муаммолар, фаолиятидаги оғриқли масалалар ва улар юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

Маълумки, мавсум пайтида иссиқхонанинг ҳар бир куни ўта муҳим бўлади. Бу нафақат ўша тадбиркор учун, балки Ўзбекистон озиқ-овқат таъминоти ва хавфсизлиги учун ҳам жуда аҳамиятли.

Маълум бўлишича, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 700 гектардаги 268 та иссиқхонани табиий газдан узиб қўйган. Бунинг оқибатида 70 минг тонна ҳосил, 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши, энг асосийси газдан узилган иссиқхоналарда банд бўлган 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин.

Шуни инобатга олиб, Энергетика вазирлигига газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни 1 кун ичида газ билан қайта таъминлаш топшириғи берилди.

Шунингдек, Ҳисоб палатасига тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда мазкур ҳолат юзасидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш, агар уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланса, қонуний тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.