Эндиликда фуқаролар махсус планшетлар орқали вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинади. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» телеграм каналида маълум қилинди.
Хабарда келтирилишича, кеча, 27 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистан Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг тажриба-синов тариқасидаги янги тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби янада такомиллаштирилади.
Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича махсус планшет қурилмалари орқали электрон рўйхатга олиш фаолияти 2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида ташкил этилади.
Фуқаролар Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича мулкдорнинг аризасида ёки солиқ органларида ҳисобга олинган ижара шартномасида кўрсатилган, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга вақтинча рўйхатга олинади.
Вақтинча рўйхатдан ўтиш учун фуқаролар келган кунидан бошлаб 15 кун муддатда ўз хоҳишига кўра, қуйидагиларга мурожаат қилиши мумкин:
Қулай манзилдаги профилактика инспекторларига;
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига;
Давлат хизматлари марказларига;
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)га.
Вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи фуқаронинг турган жойида вақтинча рўйхатга олинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!