Давлатобод ва Пайариқ туманларида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши департамент хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўз вақтида чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Департаментнинг Давлатобод туман бўлими томонидан “Микрокредитбанк” АТБ Наманган вилояти минтақавий филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилди. Унда филиалнинг амалиёт бўлими собиқ етакчи мутахассиси К.Б. ва ЯТТ А.Қ. ўзаро тил бириктириб, тикув дастгоҳлари сотиб олиш учун ажратилган 215 млн. сўм имтиёзли кредит маблағини “R.S.” МЧЖга ўтказиш орқали талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан ҳам текширув ўтказилди. Маълум бўлишича, хўжаликка уруғлик картошка экиш учун ажратилган 300 млн. сўм имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан 170,6 млн. сўмлик уруғлик картошкани экилган. Қолган 129,3 млн. сўмни ҳамда фуқаро Ш.А.га ажратилган 25 млн. сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига 2 дона наслли қора мол етказиб берилгани ҳақида сохта маълумот киритиб, кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!