O‘zbekiston, Yangiliklar

Салкам ярим кг соф олтинни ноқонуний пуллаётганлар ушланди

Салкам ярим кг соф олтинни ноқонуний пуллаётганлар ушланди

Навоийда икки фуқаро “999,9” пробали соф олтинни салкам 300 млн. Сўмга сотаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар Д.Э. ва Б.Р. ноқонуний даромад орттириш мақсадида Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани, “Султонобод” МФЙ ҳудудида фуқаро Б.га оғирлиги 474,75 грамм бўлган 1 дона олтинга ўхшаш сариқ рангли қуйма металлни 287,3 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Экспертиза хулосасига кўра, 1 дона сариқ рангли металлнинг 469,52 грамми “999,9” пробали соф олтин эканлиги аниқланган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабарида.