Ўзбекистоннинг Сеулдаги Элчихонаси маълумотларига кўра, 2022-йил 30-октябр соат 12:00даги ҳолатга кўра, Итаевон кўчасида юз берган воқеа оқибатида ҳалок бўлганлар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси қайд этилган. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги хабар тарқатди.
Яна бир ўзбекистонлик эса жароҳат билан шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Маълум қилинишича, вазият Элчихона назоратига олинган, марҳумнинг жасадини ватанга олиб келиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда, Ўзбекистон фуқароси жойлашган тиббиёт муассасаси билан доимий алоқада ўрнатилган.
“Марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз ва Корея Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Сеулдаги Элчихонасига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!