Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беришича, чет давлатга чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тайёрлаб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди.
Департаментнинг Юқоричирчиқ туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Маълум бўлишича, фуқаро Ж.О. фуқаро А.нинг ишончига киради. Гўёки Америка Қўшма Штатлари элчихонасида ишловчи танишлари орқали 30 000 АҚШ доллари эвазига унга чет давлатга чиқиш ҳуқуқини берувчи “VISA” ҳужжатларини тайёрлаб беришини айтади. Фирибгарликнинг «оммалашиб» бораётган усулини қўллаган шахснинг қилмиши якунига етмай фош бўлди. У фуқаро А. билан келишган сумманинг 10 000 АҚШ долларини олдиндан қўлга киритмоқчи бўлган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!