Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Ҳужжат лойиҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимини такомиллаштириш ҳамда уни илғор жаҳон амалиётига мослаштириб бориш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилгани маълум қилинган.
Шунингдек, ушбу қарор билан бир қатор ташкилотлар: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (кейинги ўринларда – ОАК), Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг таклифларига розилик берилиши мумкин:
диссертация тайёрламасдан олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашлари қарори билан нашр этилган якка муаллифликдаги монография тақдимномаси муҳокамаси асосида илмий даражалар берувчи илмий кенгаш қарорига кўра фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш;
диссертация тайёрламасдан аниқ вазифаларни ҳал этиш бўйича илмий ишланмалар, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган илғор технологик ишланмалар муаллифига тақдимномани Ёшлар академияси Кенгашнинг тавсияси асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш (тиббиёт фанлари бундан мустасно);
диссертация тайёрламасдан муайян тарихий, сиёсий, архитектура ва санъатшунослик йўналишидаги тадқиқот натижалари бўйича камида тўртта илмий янгилиги тақдимоти “O‘zbekiston tarixi” телеканалида ўтказилган ва илмий янгиликлари бадиий ёки ҳужжатли фильмлар сценарийларида фойдаланилганлиги бўйича тақдимнома ва илмий даражалар берувчи илмий кенгаш қарори асосида тадқиқот муаллифига ўрнатилган тартибда тарих, сиёсий, архитектура ва санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш;
белгиланган талабларга жавоб берган ҳолда олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашлари қарори билан илмий даражалар берувчи илмий кенгашларни мустақил равишда тузиш ва хабардор қилиш тартибида рўйхатга олиш учун ОАКга юбориш;
фан доктори (DSc) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш таркибига Хирш индекси камида икки бўлган юкори малакали ва тажрибали профессор илмий унвонига эга бўлган фан номзоди, фалсафа докторини (PhD) киритиш;
диссертацияларни етакчи ташкилотда қўшимча муҳокамадан ўтказиш тартибини бекор қилиш;
илмий даражалар берувчи илмий кенгашда талабгорларни илмий даражада тасдиқлашни “очиқ” овоз бериш йўли билан тасдиқлаш амалиётини йўлга қўйган ҳолда илмий кенгашда овоз бериш жараёнини ўтказувчи ҳисоб комиссиясини тузиш ва “ёпиқ” овоз бериш тартибини бекор қилиш;
барча фанлар бўйича диссертацияларнинг илмий семинарлардаги муҳокамаси ва очиқ ҳимоясини ўтказиш жараёнини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатиш амалиётини жорий этиш (хизмат доирасида фойдаланиш учун ва бошқа грифли диссертациялар бундан мустасно).
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!