Шу кунларда Самарқандда “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Кеча тадбирнинг тантанали маросими бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда қатор халқаро ташкилотлар ва давлатларнинг туризм вакиллари иштирок этишди.
“Туризм хизматлари ва мусулмон меҳмондўстлиги талаблари бўйича стандартлар ишлаб чиқилди. Халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва меҳмонхоналарда намозхоналар ва таҳорат хоналари ташкиллаштирилди. Инфратузилмани зиёрат туризмига мослаштириш юзасидан бошланган ишларимиз натижасида Ўзбекистон ГМТИ (Global Muslim Tourism Index) ҳисоботида 2017 йилдаги 32-ўриндан 9-ўринга кўтарилди”, – деб таъкидлади А. Абдуҳакимов очилиш маросимидаги нутқида.
Тадбирда жорий йилда Сингапурда ўтказилган мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга доир “Halal in Travel Awards” глобал саммитида Самарқанд “Йилнинг ислом мероси манзили” ва “Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри” номинатсияси ғолиби бўлгани эътироф этилди ҳамда мукофотлар Сингапур Республикасининг “Crescent Rating” компанияси президенти жаноб Баҳардеен Моҳамед Фазал томонидан Азиз Абдуҳакимовга топширилди.
Тадбирда Ўзбекистонда бугунги кунда Туризм хизматлари ва мусулмон меҳмондўстлиги талаблари бўйича стандартлар ишлаб чиқилгани маълум қилинди.
“Зиёрат туризми сайёҳлари учун умумий овқатланиш масканлари, ресторанлар ва жойлаштириш воситаларига “Halol”, “Kosher” ва “Vegan” стандартлари жорий қилинмоқда Яна бир муҳим воқеа, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Хива шаҳрини 2024-йил Ислом дунёсининг туризм пойтахти деб эълон қилди”, деб алоҳида қайд этди Азиз Абдуҳакимов.
Кун давомида тадбир иштирокчилари бўлган хорижий меҳмонлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари Самарқандда яқинда ишга туширилган “Абадий шаҳар” мажмуаси билан таништирилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!