O‘zbekiston, Yangiliklar

Сардор Умрзоқов икки сурхондарёликни ишдан олди

Сардор Умрзоқов икки сурхондарёликни ишдан олди

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказган.

ЎзА нашрининг хабарига кўра, йиғилишда Шўрчи тумани ҳокими Бахтиёр Худойбергановга эса ҳайфсан берилган, ўқувчиларни аҳоли уйларида ўқитишга бош қўшган туман ҳокими ўринбосари ва халқ таълими бўлими мудири лавозимидан озод этилган.

Бунга Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида оддий мактабни ихтисослаштирилган мактабга айлантириш чоғида масъуллар томонидан йўл қўйилган ўзбошимчалик ва ўз ишига совуққонлик билан ёндошилгани сабаб бўлган.

Ишлар тўғри ташкил қилинмаганлиги сабабли ўқувчилар 5-6 километр наридаги мактабга қатнашга мажбур бўлишган. Бу эса ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.

Бу ўртада мактабнинг собиқ директори ташаббуси билан аҳолининг уйида болаларга дарс ўтиш бошланган.

“Бу нима деган гап?! Инсон қадри шуми? Тошкентда, ёзда салқин, қишда иссиқ кабинетларда ўтирган амалдорлар болалари қишлоқнинг лой йўлларида ҳар куни 10 километрлаб юришига, аҳоли уйларида ўқишига рози бўлишармиди? Яна уйларда таълим бераётган ўқитувчиларга маош ҳам берилмаяпти экан. Ўқитувчининг нима айби бор бу ерда?!”, – дея эътироз билдирган Сардор Умрзоқов.