O‘zbekiston, Yangiliklar

Сардор Умрзоқов Қорақалпоғистонда текширув ўтказиш бўйича топшириқ берди

Сардор Умрзоқов Қорақалпоғистонда текширув ўтказиш бўйича топшириқ берди

Олдинроқ, 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишда Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бепул тушлик бериш тўлиқ ташкил этилмагани танқид қилинган. Ҳолат юзасидан текширув ўтказилади.

Янги ўқув йилида Хоразм вилоятида кейтеринг усулида 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш 94 фоиз мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали тўлиқ бошланмагани ҳақида маълумот берилди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариевнинг маълум қилишича, тендер савдоларининг бир қисми якунланиб, 19 сентябрдан бошлаб айрим мактабларда бепул тушлик бериш бошланган. Шунингдек, октябрь ойида ҳам тендер танловлари давом эттирилган, тез орада охирги тендер савдолари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Сардор Умурзаков Президентнинг хайрли ташаббуси ижросига нисбатан масъулларнинг бундай сусткашликка йўл қўйгани учун эътироз билдирди. Гап бошланғич синф ўқувчиларининг овқатлари ҳақида кетаётганини, бу масалага мутлақо панжа ортидан қараш мумкин эмаслигини, давлат бюджетидан барча тегишли маблағлар ажратилиб, молиявий масала бирорта муаммо йўқлигини алоҳида таъкидлади.

Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бепул тушлик тарқатилиши тўлиқ йўлга қўйилмагани бўйича Халқ таълим вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Ҳисоб палатаси вакиллари иштирокида текшириш ўтказилиши маълум қилинди.