Jahon, Yangiliklar

TikTok Россиядаги ходимларига у ердан кўчиб кетиш имкониятини тақдим этади

TikTok Россиядаги ходимларига у ердан кўчиб кетиш имкониятини тақдим этади

РБК нашрининг хабар беришича, TikTok’нинг Россиядаги ваколатхонаси ходимларига бошқа давлат ҳудудидан туриб ишлашлари учун рухсат берилди. Уларга Қозоғистон, Aрманистон ёки Қирғизистонга кўчиб ўтиш таклиф қилинган. Фақат уй-жой, транспорт ва бошқа харажатларни ходимларнинг ўзлари қоплашлари керак бўлади.

Октябрь ойининг ўрталаридан бошлаб компания ходимларига тегишли рухсатнома олган исталган мамлакатдан ишлашга рухсат берди, аммо бунинг учун улар Россияга қайтиб, меҳнат шартномаси бўйича қўшимча келишувларни имзолашлари керак бўлади.

РБК суҳбатдошларидан бирининг айтишича, йил бошида TikTok’нинг Россиядаги офисида 200-300 киши ишлаган. Бироқ «иш чатларидаги хабарлар»га кўра ҳар учинчи ходим бошқа давлатга кўчиб ўтган.

Жорий йилнинг март ойида TikTok ижтимоий тармоғи Украинадаги махсус ҳарбий операция ва сохта хабарларга оид янги қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан Россиядаги фаолиятини тўхтатди. Хусусан, платформа янги контент тарқатишни, шунингдек, жонли эфирга чиқиш имкониятини ҳам ёпди.