Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларида мактаб жиҳозлари учун ажратилган маблағларни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилмоқда.
Департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Т.Z.” МЧЖ раҳбари Г.Қ. Ангрен шаҳридаги мактаб-интернати директори В.У. билан ўзаро тил бириктириб, ушбу мактабга аслида етказиб берилмаган мактаб жиҳозларини қабул қилиб олганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни сохталаштириш орқали 474,3 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шунингдек, яна бир терговга қадар текширувда, “Т.Z.” МЧЖ иш юритувчиси Ф.Қ., ёрдамчиси Ш.А. ва Чирчиқ шаҳридаги ихтисослаштирилган мактаб директори Г.М. билан ўзаро тил бириктириб, ушбу МЧЖ томонидан мактабга аслида етказиб берилмаган офис мебелларини қабул қилиб олганлиги юзасидан ҳужжатларни сохталаштириш орқали 124,2 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳарактлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!