Самарқанд халқаро технология университети делегациясининг Жанубий Кореяга амалий сафари самарали бўлди. Университет ректори Юсуф Aбдуллаев Жанубий Кореянинг қатор етакчи таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолади.
Ушбу меморандумлар асосида Самарқанд халқаро технология университети қошида Корея технология ва маданият коллежини очишга келишиб олинди. 2023 йилнинг январида фаолият бошлайдиган мазкур коллежда «яшил энергетика» (қайта тикланувчи энергия), ахборот технологиялари дастурчиларини тайёрлаш, дизайн (саноат, иқтисодиёт, қурилиш дизайнерлиги) ва корейс тили бўйича мутахассислар тайёрланади.
Томонлар, шунингдек, ҳамкорликда замонавий талабларга жавоб берадиган қўшма ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, университетлар ўқитувчи ва профессорларининг ўзаро малака ошириши ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўқитиш материаллари, тадқиқот лойиҳалари, мақолалар ҳамда кутубхонадаги ресурслардан фойдаланиш, биргаликда маҳорат дарслари ташкил этишни ҳам амалга оширади.
«Ишончли ҳамкорларга эга бўлиш – университет ва талаба-ёшлар истиқболи учун муҳим. Шу боис фаолиятимизнинг дастлабки чоғларидан ҳам олий таълим, ҳам касбий фаолият борасида хориждаги етакчи олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга эътибор қаратдик. Бу борада Жанубий Корея тажрибаси биз учун айни муддаодир», дейди Юсуф Aбдуллаев.
Маълумот учун. Самарқанд халқаро технология университети кампусини барпо этиш учун Самарқанд шаҳрида Зарафшон дарёси яқинидан умумий майдони 6 гектарлик ер майдони ажратилган. Келгуси ўқув йилигача бу ерда минг ўринли 5 қаватдан иборат ўқув биноси, талабалар турар жойи, лаборатория, спорт зали, кутубхона, хорижий ўқитувчилар учун турар жой ва бошқа иншоотлар бунёд этилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!