O‘zbekiston, Yangiliklar

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” – Twitter’ни пуллаган Жек Дорси янги ижтимоий тармоқни ишга туширмоқчи

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” – Twitter’ни пуллаган Жек Дорси янги ижтимоий тармоқни ишга туширмоқчи

Twitter асосчиси Жек Дорси бошчилигидаги янги «марказлаштирилмаган» (бошқарадиган маълум ташкилот ёки серверига эга бўлмаган) ижтимоий медиа платформаси – Bluesky бета-тестлар устида ишламоқда.

Илон Маск Twitter’ни 44 миллиард долларга сотиб олганидан сўнг компаниянинг келажаги ҳақидаги муҳокамалар давом этаркан, Маскнинг фойдаланувчиларни баъзи функция ва қўшимчалар учун пул тўлашга чақиргани кўплаб реакцияларга сабаб бўлди ва баъзи машҳур шахслар Twitter’ни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Twitter’нинг кўплаб юқори мартабали ходимларини ишдан бўшатиб, директорлар кенгашини тарқатиб юборган ва ўзини вақтинчалик ягона ҳукмрон деб эълон қилган Маскнинг бош оғриғига сабаб бўладиган энг муҳим воқеа бу Twitter’га янги рақобатчиларнинг пайдо бўлишидир.

Bluesky «марказлаштирилмаган» Web 3.0 технологияси билан ишлаши тахмин қилинмоқда. Дорси аллақачон бета версиясини синаб кўрмоқчи бўлганларни платформадан фойдаланишга таклиф қилган. Хоҳловчилардан икки кун ичида 30 мингдан ортиқ сўров келиб тушган.

Дорсининг блокчейнга асосланган Bluesky платформаси ҳали фаолиятини бошламаган бўлса-да, фойдаланувчилар ҳозирдан бета-версияга ариза топширишлари мумкин.

Gizmodo технологик сайти маълумотларига кўра, Bluesky’нинг асосий хусусиятларидан бири унинг «AT Protocol» номли технологиясининг фойдаланувчиларга ўз алгоритмларини бошқариш имконини беришидадир.

Ушбу платформанинг яна бир ўзига хослиги шундаки, турли тармоқлардаги ҳисоблар ушбу тармоққа тўғридан-тўғри ўтказилиши мумкин. Шунингдек, битта иловада турли платформалар ўртасида алмашиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.

Bluesky веб-сайтида «Bluesky» номли мобил илова қисқа вақт ичида фойдаланишга топширилиши хабар қилинган.

Дорси 2019 йилда Twitter’нинг «ижтимоий тармоқлар учун очиқ ва марказлашмаган стандарт»ни ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган эди.

У аввалги баёнотларида, «Янги платформага эҳтиёж бор. Бу алоҳида компания бўлмаслиги мумкин», деган эди Дорси, Twitter’нинг шифрланган хабар алмашиш иловаси Signal’га ўхшаш «очиқ манбали протокол»га эга бўлиши кераклигини маълум қилган эди.