Хабарингиз бор, айни дақиқаларда Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Унда саноат зоналари инфратузилмасига бу йилда 1,2 триллион сўм ажратилган бўлсада, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида маблағларнинг 40 фоизини ҳам ўзлаштирилмагани қаттиқ танқид қилинди.
Мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига ҳалигача инфратузилма олиб борилмаган саноат зоналарига шахсан бориб, ишларни охирига етказиш топширилди.
Охирги 6 ойда ҳамкор давлатлар бозорларига маиший техника экспорти – 3 баробар, трансформатор – 3,6 баробар, тиббий буюмлар – 9 баробар, трикотаж мато – 2 баробар ошди.
Агар мис, ПВХ, металл, полипропилен хом ашёларини кўпроқ олиш имконияти яратилса, тадбиркорларимиз экспортни бир неча баробар ошириши мумкин.
Лекин масъул вазирликлар бу масалалар билан шуғулланмаётгани танқид қилинди.
Мисол учун, гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун йилига 70 минг тонна полипропиленга талаб бор. Бироқ, биржага 2 баробар кам полипропилен қўйилмоқда. Натижада нарх 30 фоизга ошиб, тоннаси 1 минг 800 долларга кўтарилган.
Худди шундай, мебелчиликда ишлатиладиган формалин ички бозорда 260 доллардан сотилаяпти (рақобатчи бозорларга нисбатан 60 долларга қиммат).
Яратилган шароитлар ва маблағ борлигига қарамасдан, масъул вазирликлар ва мутасаддилар бу муаммолар билан шуғулланмаётгани танқид қилинди.
1 декабргача ишлаб чиқарувчи ва трейдерлар билан ишлаб, етишмаётган хом ашёни четдан олиб келиш ҳисобига захира яратиш ва график асосида уни биржага қўйиш топширилди.
Ўзбекистон “GSP+” тизимига қўшилганига бир йилдан ошди. Европа бозорида сотиладиган тайёр маҳсулотлар учун транспорт харажатларига 70 фоизгача субсидия берилмоқда.
Лекин, “GSP+”га кирадиган 6 минг 200 та божсиз маҳсулотнинг бор-йўғи 325 тури экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди.
Сабаби – корхоналаримиз йирик етказиб бериш занжирларига қўшила олмаяпти, халқаро сертификати йўқ. Сифати яхши бўлса ҳам, маҳсулотини сота олмаяпти.
Шу муносабат билан мутасаддиларга Европага келгуси йилда саноат экспортини 600 та маҳсулотга, экспорт ҳажмини 700 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!