Jahon, Yangiliklar

Херсон «бедарвоза шаҳар»га айланмоқда

Херсон «бедарвоза шаҳар»га айланмоқда

Украина Россияни Херсондаги бўш уйларни талон-тарож қилишда ва уларга фуқаро кийимидаги ҳарбий хизматчиларни жойлаштиришда айблади.

Киев расмийларига кўра, бу шаҳардаги кўча жангларига тайёргарликнинг бир қисми бўлиб, ҳар икки томон урушнинг энг муҳим тўқнашувларидан бири бўлишини башорат қилмоқда.

Босқиндаги минтақада Кремль томонидан тайинланган расмийлар Херсондан «эвакуация қилиш» мавзуси тугаганини эълон қилди. Киев буни мажбурий депортация ва уруш жинояти, деб баҳолади. Москва назорати остидаги расмийлар минтақа аҳолиси билан тўлган сўнгги кема Днепрнинг чап қирғоғига боргани акс этган видеони эълон қилди.

Россия босқинидан Украина ҳудудига қочганлар ташқи дунё билан боғлана олмаган. Чунки улар уяли алоқа воситаларини ҳарбийлардан яширишга мажбур бўлган. Россия октябрь ойи бошида Украинанинг ўзиники деб ҳисоблаган тўртта вилоятида ҳарбий ҳолат жорий қилди ва алоқаларни чеклади.

Бир кун олдин Владимир Путин «махсус ҳарбий операция» деб аталадиган ҳудудда 80 000 киши сафарбар қилинган, улардан 50 000 нафари жанговар ҳаракатларда қатнашиши ҳақида хабар қилган эди. Аввалроқ Россия президенти 300 минг кишини қисман сафарбар қилиш режаси кўнгиллилар томонидан ортиғи билан бажарилганини билдирган.

Украина армияси эса Херсонга яқинлашаётганини даъво қилмоқда. Мақсад – Россия қўшинларининг моддий-техник логистикаси ҳамда таъминот занжирини бузиш орқали уларнинг барқарорлигига путур етказишдан иборат.