O‘zbekiston, Yangiliklar

Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ яна бир муҳим янгилик

Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ яна бир муҳим янгилик

Ҳукумат қарори билан Маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари тўғрисида низом тасдиқланди. Унга кўра,  хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ҳар бир маҳаллада ташкил этилади. Бироқ марказлар юридик шахс ёки ташкилот ҳисобланмайди.

Марказларда битта ижтимоий лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизни доимий иш жойига эга қилиш мақсадида ҳар бир бандлиги таъминланадиган ишсиз хотин-қиз учун тадбиркорларга 3 миллион сўмгача давлат гранти ажратилади.

Давлат гранти маълум тоифадаги хотин-қизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишга йўналтирилади. Уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашишга қаратилган лойиҳалар учун ажратилади. Хусусан:

– “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га, шунингдек “Аёллар дафтари”га киритилган;
– ишсиз, айниқса, қишлоқ жойларда бола тарбияси билан шуғулланаётган;
– хорижий меҳнат миграциясидан қайтиб келган;
– ногиронлиги бўлган меҳнатга лаёқатли ишсиз;
– норасмий бандликни қисқартириш мақсадида кундалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, даромад топаётган;
– одам савдосидан ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, мушкул иқтисодий аҳволга тушиб қолган;
– умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларини тугатган, ОТМга ўқишга кира олмаган ёки олий таълимда ўқиш учун имконияти бўлмаган ишсиз хотин-қизлар;
– муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган, профилактик рўйхатга олинган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган хотин-қизларга маблағ берилади.