O‘zbekiston, Yangiliklar

Измир Шартномасини ратификация қилиш Ўзбекистон учун қандай имкониятлар тақдим этади?

Измир Шартномасини ратификация қилиш Ўзбекистон учун қандай имкониятлар тақдим этади?

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Измир шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидландики, Ўзбекистоннинг Измир Шартномасини ратификация қилиши Иктисодий ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун ҳуқуқий асос яратади ва қуйидаги имкониятларни тақдим этади:

Биринчидан, ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида жанубий транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари суриш ва минтақада транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун платформа вазифасини ўташи;

Иккинчидан, ташкилот доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициялар жалб қилиш, Ўзбекистон ишбилармон доираларининг минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш;

Учинчидан, ташкилот доирасида электр энергияси соҳасида истиқболли ҳамкорлик ва янги энергия магистралларини қуриш бўйича лойиҳаларда фаол иштирок этиш имконияти, шунингдек Ўзбекистонни минтақавий электр энергиясини етказиб беришда асосий бўғинга айлантириш;

Тўртинчидан, Ўзбекистоннинг улкан туристик салоҳиятини инобатга олган ҳолда зиёрат туризми саноати ривожланишига хизмат қилади.

Депутатлар томонидан мазкур шартноманинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, транзит, логистика, туризм, маданий-гуманитар ва илмий-техникавий хамкорликни таъминлашга хизмат қилади.