Арманистон томони Иккинчи Қорабоғ уруши сабоқларини ёдга олиши ва олов билан ўйнаш Ереванга қимматга тушишини тушуниши керак. Бу ҳақида Озарбайжон Ппрезиденти Илҳом Алиев 8 ноябрь куни Шуша шаҳридаги Ғалаба куни муносабати билан ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар олдида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Президент агар кимдир Арманистон ҳукумати ёки мухолифати ёхуд бошқа кўзлар Озарбайжонга қарши режалар тузса, у мамлакатнинг «темир мушти»га дуч келишини таъкидлади. Сўнгги икки йилдаги воқеалар бунинг исботи эканини эслатиб ўтди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бугун Арманистонда 2020 йилги уруш натижаларига чидашни истамаган реваншист кучлар бош кўтармоқда. Давлат раҳбари жорий йил воқеалари, жумладан, «Фаррух» ва «Қасос» операцияларини эслади. Шунингдек, 13-14 сентябрь кунлари Арманистон-Озарбайжон чегарасида юз берган можароларни ҳам тилга олди. Унинг фикрича, буларнинг барчаси Арманистон учун сабоқ бўлиши керак. Улар охир-оқибат қўшниларнинг ерларига кўз олайтирмасдан ўзларининг ички ишлари ҳақида бош қотиришга ўтишига умид қилишини қайд этди.
Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Озарбайжон ҳудудларида вақтинчалик асосда жойлаштирилган.
Президентнинг таъкидлашича, Ереван 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотнинг бандларига тўлиқ амал қилмаяпти. «Арманистон ўз қуролли кучларини Қорабоғдан тўлиқ олиб чиқмаган. Арманистон қуролли кучлари Қорабоғда нима қиляпти? Бизнинг сабр-тоқатимиз чексиз эмас! Бизга Зангезур йўлаги ҳам берилмади. Шу билан бирга, арман томони вақти-вақти билан ҳарбий провокацияларни амалга оширишда давом этяпти. Албатта, биз тайёр бўлишимиз керак ва биз тайёрмиз», – деди Илҳом Алиев ва Зангезур йўлаги Арманистоннинг мажбурияти эканини алоҳида таъкидлади.
Давлат раҳбари икки йил аввал Озарбайжон Қуролли Кучлари Шуша шаҳрини душман босқинидан озод этиб, ўз тарихи йилномасига шонли саҳифа ёзганини эслади. Озарбайжон раҳбари Шуша шаҳрисиз ғалаба тўлиқ бўлмаслигини қайд этди.
Президент Алиевнинг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг келаси йилги давлат бюжети рекорд даражага етади ва ҳарбий харажатлар учун ажратиладиган маблағ ҳажми ортади. Президент Бокунинг минтақада тинчлик дастурини шакллантиришга тайёрлигига эътибор қаратди.
У Боку урушни эмас, тинчликни хоҳлашини, адолатли шарт-шароитларни илгари суриши ва шу шартлар асосида тинчлик шартномаси имзоланиши кераклигига ишонч билдирди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!